18−22 сентябрь кунлари Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги «Чорухдайрон» полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳамкорликда «Жанговар ҳамдўстлик-2018» ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Машғулотларнинг асосий қисмини бевосита икки мамлакат мудофаа вазирлари кузатиб борди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотларида жами 600 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар, 100 дан зиёд турли типдаги техникалар иштирок этди.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизовнинг таъкидлашича, 5 кун давом этган ўқув-машғулотлари икки дўстона армия тарихида илк бор ўтказилган манёврлар бўлиб, улар тарихий аҳамиятга эга.

«Бугунги кунда дунё ва Марказий Осиё ҳудудидаги вазият, халқаро террорчи гуруҳлар фаоллигининг ортиши — бизни ҳушёр бўлишга, қуролли кучларимизни доимо жанговар шай ҳолатда туришга мажбур қилади. Биз ягона ҳудудда яшаймиз, шунинг учун фақатгина биргаликда қилинган дўстона ҳаракатлар ва ҳарбий қисмларнинг ўзаро ҳамкорлиги натижасида, терроризмга қарши чиқишимиз ва уни енгишимиз мумкин», — деди Абдусалом Азизов.

Ўз навбатида Тожикистон мудофаа вазири бугунги кунда Афғонистон шимолидаги вазият хавотир уйғотаётганлигини ва эҳтимолий таҳдидга қарши биргаликда курашишимиз лозимлигини маълум қилди.

Видео

Фото