Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев аҳолининг барча қатламлари ўртасида спортни оммалаштириш, ёшларга спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, мавжуд спорт иншоотларининг моддий-техник аҳволини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрганиш давомида Гулистон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида давлат маблағлари эвазига харид қилинган кўплаб спорт жиҳозлари ва инвентарлари фойдаланмасдан омборхонада сақланаётгани, 2008 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати базасида усти ёпиқ бассейн 2 йилдан бери фаолият кўрсатмаётгани, Янгиер тумани болалар-ўсмирлар спорти мактабининг усти ёпиқ бассейннинг иситиш тизимидаги носозлик сабабли йил бўйи фойдаланиш имконияти йўқлиги маълум бўлди.

Вазир Дилмурод Набиев ёш авлод саломатлиги йўлида йирик миқдордаги давлат маблағлари ҳисобига қурилган ушбу иншоотлар фойдаланилмаётгани ачинарли ҳолат эканини таъкидлаб, мутасаддиларга муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш топшириғини берди. Шунингдек, муассаса раҳбарларига замонавий маркетинг усулларидан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилиги кўриниши ҳамкорликни йўлга қўйиш, олинган даромад ҳисобидан бассейнлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фидойи мураббийларни тақдирлаш лозимлиги таъкидланди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда спорт таълими муассасалари раҳбарларига ёшларни спортга жалб этиш бўйича ишларни кучайтириш, ҳар бир болага куннинг исталган пайти ушбу муассасаларга ташриф буюриб футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, бадминтон каби спорт турлари билан шуғуллана олиши учун қулай имконият яратиш вазифаси топширилди.

Жорий йилнинг 20 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолаётган иншоотлар бўйича топшириқлар берилган эди.

Вазир мазкур иншоотлар қаторида бўлган Боёвут ва Ховос туманларидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг қурилиши якунланмай қолган базаларида бўлиб, у ерда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ва қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Мулоқот якунида мазкур масала ижобий ҳал қилиниб, зарур маблағлар қисқа муддатда ўтказилиши белгиланди. Қурувчилардан ҳам ўз навбатида спорт объектларини қуришда, аввало, сифатга эътибор қаратиш сўралди.

Ташриф давомида мутасаддиларга аҳолининг кенг қатламини спортга жалб қилиш, айниқса спорт билан шуғулланмайдиганлар рўйхатни шакллантириб, уларга мос спорт турларини тавсия этиш орқали уларни спортга жалб қилиш, барча ёшдаги аҳолининг спорт билан шуғулланишлари, корхона ташкилотларда ходимларида соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия кўникмасини шакллантириш учун барча шарт шароитларни яратиш, ўзаро мусобақалар ташкил этиш бўйича вазифалар берилди.

Якунда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ва ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари йўлида давлат томонидан яратилган шароитлардан оқилона фойдаланмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйган 5 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.