Яқинда Адлия вазирлиги сайтида ОТМлар рейтинги камчиликлар билан аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек қатор ОАВда рейтнги бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққанди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекция шу ҳолат юзасидан баёнот берди.

Адлия вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинган хабарга кўра, Адлия вазирлигининг тақдимномасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан имзоланган қўшма қарор ижродан қайтарилган.

Ҳақиқатдан ҳам, Адлия вазирлиги томонидан қўшма қарор рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли уни ижродан қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди. Адлия вазирлигининг Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига йўллаган расмий хатида, рейтинг методикаси, кўрсаткичларига нисбатан ҳеч қандай эътирозлар келтирилмаган. Бундан ташқари, бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан рейтинг натижалари бекор қилиниши бўйича берилган хабарлар асоссиз эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Шунингдек, Адлия вазирлигининг расмий сайтидаги хабарда ҳам рейтинг натижалари бекор қилинганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Хабарда берилган айрим жиҳатларга аниқлаштириш киритмоқчимиз:

1. «Давлат органлари томонидан олий ўқув юртларининг расмий рейтингини белгилаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базанинг йўқлиги»

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012й.даги 371-сонли қарори билан ОТМларнинг рейтингини ҳисоблаш мезонлари тасдиқланган бўлиб, Давлат инспекцияси томонидан ҳисобланган рейтингнинг аксарият индикаторлари айнан шу қарорда мавжуд. Шунингдек, ушбу қарорда олий ўқув юртлари фаолиятини баҳолаш мезонлари олий таълимни ривожлантириш устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланган.

Давлат инспекцияси юқоридаги қарорга ўзгартиришлар киритишдан олдин, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда янги индикаторларни тажриба-синовдан ўтказиш ва рейтингни ҳисоблаш методикасини такомиллаштириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда қўшма қарорни имзолаган. Жорий йилда аниқланган рейтинг натижалари тажриба-синов тариқасида ҳисобланган.

2. «Барча олий таълим даргоҳлари ҳам рейтинг расман нашр этилгунича ўтказилган тадқиқот ва рейтинг натижалари ҳақида хабардор бўлмаганлиги»

Давлат инспекцияси 2018 йил январь ойида барча ОТМларга янги таклиф қилинаётган рейтинг индикаторлари ҳақида уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини сўраб мурожаат қилган. Кўплаб ОТМлардан таклифлар келиб тушган. Апрел ойида методика тўғрисидаги маълумотлар ва индикаторлар расмий сайт ва Фаcэбоокдаги саҳифаларда эълон қилинган.

Рейтинг натижаларининг эълон қилинишидан 3 ҳафта аввал, Давлат инспекцияси томонидан расмий хат билан ҳар бир ОТМга уларга тегишли дастлабки хулосалар танишиш учун расман тақдим этилган ва ОТМларга эътирозлари мавжуд бўлган тақдирда асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиш бўйича имконият берилган.

3. «Рейтингда фоиз кўрсатгичларига эмас, сон кўрсатгичларига қаратилганлиги»

Давлат инспекцияси рақамларнинг катта-кичиклигига қараб рейтинг белгилагани ҳақиқатга тўғри келмайди. Рейтингни аниқлашда ОТМлар фаолиятидаги ютуқларнинг ҳар бир профессор-ўқитувчига ёки талабага тўғри келадиган улуши (фоизда) ҳисобга олинган.

4. «Тадқиқот бир ёқлама ва фақат олий ўқув юртларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини таҳлил этишдан иборат бўлиб қолган»

Ўзбекистон ОТМларининг Миллий рейтинг тизимида профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятига 34 фоиз, ўқув-услубий ишлар ва ўқитиш сифатига 30 фоиз, талабалар билими ва битирувчилар сифатига 28 фоиз, фаолиятда АКТни қўллаш ва моддий-техник таъминланганликка 8фоиз ажратилган. Кўриниб турибдики, тадқиқот фақатгина илмий-тадқиқот натижаларига асосланмаган.

ОТМлар рейтингини белгилашда белгиланган мезонлар халқаро тажрибаларга асосланган, хусусан Times Higher Education, QS World University Rankings, BGU, U-Multi rank каби халқаро рейтинг агентликларининг амалдаги индикаторларига мос келадиган индикаторлар миллий рейтингда ҳам мавжуд. Хусусан, қуйидаги индикаторлар:

— PhD ва DScилмий даражасига (фан доктори ёки фан номзоди) эга профессор-ўқитувчилар улуши;

— таълим бериш сифати даражаси (талабалардан ўтказилган сўровнома натижалари асосида);

— профессор-ўқитувчиларнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалар яратиши;

— хорижий ўқитувчилар ва талабалар улуши;

— алмашув дастурларида ўқитувчилар ва талабаларнинг иштироки;

— битирувчиларнинг мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши;

— халқаро кўрсаткичларга кўра профессор-ўқитувчиларнинг ишларига иқтибослик;

— халқаро журналлардаги илмий мақолалар;

— хорижий илмий тадқиқот марказлари грантлари ва хорижий илмий фондлари буюртмалари ҳисобига олинган маблағлар.

Таълим муассасалари рейтингини аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июльдаги 515-сонли қарори билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига вазифа қилиб топширилган. Шунинг учун, жорий йилда эълон қилинган натижалар ўзкучида қолишини ватажриба-синов асосидаги ўрганиш ва натижалар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012 й.даги 371-сонли қарорини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилишини маълум қиламиз.

Қарор лойиҳаси яқин кунларда умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Барчани ушбу лойиҳа бўйича муҳокамага таклиф қилиб қоламиз.

Бундан ташқари, рейтинг олий таълим тизимидаги ҳолатни акс эттирувчи кўзгу эканлигини ва унинг натижалари информатив характерда бўлишини эслатиб ўтамиз. Рейтинг натижалари ОТМларга нисбатан чора кўрилишини назарда тутмайди, улар фақатгина ОТМларга келгусидаги фаолиятини белгилашга ёрдам бериши мумкин.