2018 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Акциядорлик тижорат «Халқ банки"да ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда сенаторлар, банк-молия соҳаси мутахассислари, вазирлик, идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ 2005 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими жорий этилган бўлиб, ҳукуматнинг 2018 йил 26 мартдаги қарорига асосан 2018 йил 1 апрелидан эътиборан барча фуқароларни пенсия таъминоти тизимида ҳисобга олиш ишлари фақат Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиб келинмоқда. Татбиқ этилган янгиликлар туфайли жараён иштирокчиларининг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди.

Маълум бўлишича, пенсия таъминоти тизимидаги шахсий маълумотлар АТ «Халқ банки"да алоҳида ташкил этилган ягона маълумотлар электрон базаси ва архивларида хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда сақланади, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 майдаги қарори кўра, ҳисобварақлар тартиб рақами Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган фуқаронинг идентификация рақами асосида бериб келинмоқда.

2018 йил 1 июль ҳолатига АТ «Халқ банки» филиалларида пенсия таъминоти тизими иштирокчилари сони 11,3 миллионга етиб, улардаги маблағлар миқдори 2,9 триллион сўмдан ошган.

Тизим жорий этилганидан бошлаб 2018 йилнинг 1 июлигача нафақа ёшига етган ёки қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар билан жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи вужудга келган 1,2 миллион шахсга 450,2 миллиард сўм миқдорида маблағлар тўлаб берилган. 2017 йил якуни бўйича пул қадрсизланишига нисбатан тизим иштирокчилари ҳисобварақларига 324,5 миллиард сўм маблағ ҳисоблаб қўшилган.

Шу билан бирга, мажлисда «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Акциядорлик тижорат «Халқ банки"да ижро этилиши борасида амалга оширилаётган ишларда қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги қайд этилди.

Жумладан, АТ «Халқ банки"нинг транзит ҳисобрақамига пенсия таъминоти тизими учун иш берувчилар томонидан ўтказилган маблағларга ходимлар реестрлари берилмаганлиги сабабли 2018 йилнинг 1 июль холатига 768 мингдан ортиқ тизим иштирокчилари ҳисобварақларига 16,2 миллиард сўм кирим қилинмаган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳамда АТ «Халқ банки» республика бошқаруви ўртасида реестр тақдим этмаган субъектлар тўғрисида ойлик онлайн маълумот алмашуви йўлга қўйилган бўлса-да, солиқ идоралари томонидан бу топшириқлар ижросига эътибор берилмаган.

Мисол учун, «Фарғона электр тармоқлари» корхонаси 10 та ҳолатда 3,3 миллион сўм, Наманган шаҳар «Lider-Alfa security» МЧЖ 25 та ҳолатда 1,1 миллион сўм, Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси 6 та ҳолатда 0,5 миллион сўм маблағларга ходимлар рўйхатини тақдим этмаган. Табиийки, бу ҳолатлар иштирокчилар маблағларига фоизларнинг ҳисобланмасдан қолишига сабаб бўлган.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан мазкур тизимда мавжуд муаммоларни ҳал этишда «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини тўлиқ таъминлашга, тизим маблағларини депозитларга жойлаштиришда амалдаги инфляция даражасини инобатга олишга, тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш ва унинг тизимлилигига эришиш, ахборот алмашувининг интерфаол усулларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг ушбу йўналишда қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан қарори қабул қилинди.