Қашқадарё вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан Муборак туман ҳокими ёрдамчиси ҳамда молия бўлими бошлиғи пора олаётган вақтда ушланди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастури.

Муборак туманининг Қорақум қишлоғида 2 км узунликдаги махсус пиёдалар йўлагини ётқизиш учун қурилиш ташкилоти ҳисоб рақамига 302 млн сўм ўтказилиши лозим бўлган. Бироқ ушбу маблағларни ўтказиш учун Муборак туман ҳокими ёрдамчиси Азизбек Шукуров мазкур пулларнинг 7 фоизи, яъни 21 млн сўмни талаб қилган.

Тезкор тадбир натижасида у пул маблағларини олаётган вақтда ушланди.

Маълум бўлишича, Азизбек Шукуров пулни Муборак туман ҳокимияти молия бўлими бошлиғи Самад Қўйлиевга етказиши керак бўлган. У Қаршида ўтказилган тезкор тадбир вақтида 21 млн сўмни ўз автомобили салонида олаётганда ушланди.

Самад Қўйлиев 2017 йил июнидан буён молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғатди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.