2018 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ва унинг ўринбосари иштирокида вазирликнинг мажлислар залида Маданий мерос соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишдада Маданий мерос бош бошқармасида амалга оширилаётган ишларнинг қониқарли эмаслиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганишлар ўтказилиб, тегишли тақдимномалар киритилганлиги барчага эълон қилинди ва тақдимномага кўра барча раҳбарлар ҳисобот бердилар.

«Биз бу тақдимномаларни бир неча бор муҳокама этиб тегишли чораларни кўрган бўлсакда, бу соҳада ханузга қадар бирон бир сезиларли ўзгаришни кўрмаяпман. Маданий мерос соҳасида 4 та қонуности ҳужжат қабул қилинмаган. Бу ўз навбатида, ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Соҳада таъсирчан давлат назоратини амалга ошириш ва илмий изланишларни мувофиқлаштириш ишлари ҳам талабга жавоб бермайди» — деди вазир.

Охирги икки йилда объектларга жиддий зарар етказиш билан боғлиқ 14 та ҳолат қайд этилган. 2017 йилда 58 та археология тадқиқотига рухсат берилган бўлса-да, тадқиқотидан сўнг археология ёдгорликлари консервация қилинмаганлиги таъкидланди. Объект давлат ҳимоясида экани ҳақида огоҳлантирувчи ягона нишон — бу муҳофаза белгиси бўлсада, ҳозиргача бундай белгилар республика бўйлаб 25 фоиз объектларда бор холос, 75 фоиз, эса, яъни 5 585 та объектларга ҳозирга қадар ҳам муҳофаза белгилари ўрнатилмаган кўрсатиб ўтилди. Объектларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш — соҳада ҳал қилувчи масаладир. Кадастр — бу объектнинг тарихи, эгаси, чегараси, техник ва ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи ягона ҳужжат ҳисобланади.

Ҳозирда 77 фоиз, яъни 5 748 та объектнинг кадастр ҳужжати мавжуд эмас, 78 фоиз, яъни 5 863 та объектлар ҳақида ахборот давлат кадастрлари ягона электрон тизимига киритилмаган.

Шунга кўра, Кадастр ишларини бажариш ҳолати Тошкент вилоятида — 0,1фоиз, Сирдарёда — 4 фоиз, Самарқандда — 16 фоиз, Сурхондарёда — 16 фоиз, Наманганда — 23фоиз, Тошкент шаҳрида — 25 фоизни ташкил қилади.

Бундай муаммо ва камчиликларда «Ҳудудий инспекция бошлиқлари томонидан объектларни сақлаш бўйича мавжуд ишлар умуман талаб даражасида эмас. Инспекциядаги ходимларнинг малакаси лавозим талабларига жавоб бермайди» деб, таъкидлади Бахтиёр Сайфуллаев.