2018 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари, амалиёт ва муаммолар» мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта таълим вазирликлари мутасаддилари, Ёшлар иттифоқи ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириштизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 29 ноябрдаги «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорларида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида бир қатор ташкилий-амалий ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган.

Давлат раҳбарининг ички ишлар органларини ҳар томонлама салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасидаги ташаббуси билан ёшларни ички ишлар органларига тайёрлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

Бугунги кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимидаги 14 та академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари бино ва иншоотлари, моддий-техник воситалари, ўқув ускуналари ҳамда бошқа мулклари билан бирга маъмурий-хўжалик ходимлари ва ўқитувчилар таркибини сақлаб қолган ҳолда Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Ушбу муассасаларда 7800 дан зиёд ёшлар ўқитиляпти. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги Академиясида тўртта йўналишда етук, малакали кадрлар тайёрланяпти.

Шу билан бирга тадбирда мазкур тизим ривожига тўсқинлиқ қилаётган айрим муаммоларга ҳамтўхталиб ўтилди. Конференция иштирокчилари ички ишлар органларига кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйиш, кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш борасида амалдаги механизмларни такомиллаштириш, вазирлик тизимида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Ички ишлар органлари тизимида шахсий таркибни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ходимлар ўртасида турли фавқулодда ҳолатларнинг ва ноўрин хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан ишларни самарали ташкил этиш, хизмат интизомини бузиш, қонунийликка риоя қилмаслик ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактика ишларини янада жонлантириш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама чоғида сенаторлар ва бошқалар ички ишлар органларида тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш, ички ишлар органларига ишга қабул қилиш тизимининг шаффофлигини таъминлаш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Анжуман якунида иштирокчилар томонидан ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.