25 сентябрь куни Тошкентдаги Турин политехника университетида бўлиб ўтган «Давлат харидлари ва фуқароларга хизмат кўрсатиш» мавзусидаги семинарда «Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинганидан сўнг кузатилган ўзгаришлар натижалари илк бор тилга олинди. Тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) иштирокида Жаҳон банки томонидан ташкил этилди.

Қонун 2018 йилнинг апрелида кучга кириб, орадан қарийб олти ой ўтганидан сўнг ўзининг ижобий самарасини кўрсатди, деди ЛБМА Қонунчиликни уйғунлаштириш бошқармаси бошлиғи Анна Палванова.

«Бу нафақат давлат харидлари соҳасидаги ҳаракатлар шаффофлигини оширади, балки давлат бюджетидан харидларни катта миқдорда — 8,7 фоиздан 17,6 фоизгача иқтисод қилишга ҳам хизмат қилади. Фақатгина уч ой давомида 113,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар иқтисод қилинди, бу пуллар солиқ тўловчиларникидир», — деди у.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, бюджетлаштириш даврида барча давлат харидлари субъектлари келгуси йил учун харидларни режалаштиришга, шунингдек давлат харидчиларини ўқитиш асосий урғу қаратишлари лозим, чунки бу махсус тайёргарлик талаб қилувчи янги касб.

2019 йил 1 мартдан давлат харидлари соҳасида мутахассисларни мажбурий сертификатлаш тартиблари жорий этилади. Бизнес ва бошқарув олий мактабида «Давлат харидларини бошқариш» бепул курслари ташкил этилади.