Вазирлар Маҳкамасининг Андижон вилоятида оғир уй-жой маиший шароитларда яшаётган ва боқувчисини йўқотган аёлларни уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вилоятдаги бўш турган 16 та ётоқхона биноси турар жойларга айлантирилади.

Мазкур уй-жойлар оғир шароитда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилаётган хотин-қизлар, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларга берилади.

Турар жойларга талабгорларни танлаш ҳудудий комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, бўш турган ётоқхоналарнинг ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва мактабгача таълим муассасаларига айлантирилган қисми тадбиркорларга белгиланган тартибда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига «ноль» харид қийматида сотилади ёки текин фойдаланиш шартномаси асосида берилади.