Бугунги кунда Тошкент шаҳрида мол-мулк ва ер солиғи тўланиши лозим бўлган 629 мингдан ортиқ объект мавжуд бўлиб, уларнинг 606,5 мингдан зиёди тўловларни амалга оширган. Бу ҳақда Тошкент Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

ДСБнинг эслатиб ўтишича, фуқаролар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан «CLICK», «U-PAY» ва «PayMe» тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда тўлаш имкониятига эга. Ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиб, амалга оширилган тўловлар учун қўшимча ҳақ олинмайди.

Мол-мулк ва ер солиқлари ҳар йилнинг 15 октябрига қадар тўланиши лозим.

Ўзбекистон Солиқ кодексининг 272- ва 287- моддаларига асосан, эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари тўловчилари ҳисобланади.