Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти ходимлари фуқаро А.Юлдашев МИБ Янгийўл туман бўлими тезкор шўъбаси инспектори Ж.Аслоновнинг хизмат хонасида унга пора берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

400 АҚШ доллари миқдоридаги пора умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ноқонуний уланиб, 16 сотих ер майдонида иссиқхона қурганлиги ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига берилиши лозим эди.

Департаментнинг Сайхунобод туман бўлими инспектори А.Р.нинг билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбирда эса туман ДСЭНМ бош шифокори Б.Д. ДСЭНМ фаолияти бўйича ўтказилган текширишда аниқланган камчиликларни далолатномада кўрсатмаслик эвазига бўлим инспектори А.Р.га 200 АҚШ долларини пора сифатида А.Р.нинг хизмат хонасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Мирзахолов МИБ Андижон вилоят бошқармаси тезкор шўъбаси катта инспектори И.Машраповга ЯТТ Ш. Усмоновага тегишли бўлган музқаймоқ сақловчи корхонага ўрнатилган электр ҳисоблагични Тошкент шаҳрида жойлашган «ASIA ENERGOMERA» МЧЖга лаборатория текширувига юбормаслик ҳамда ҳисоблагичга таъсир кўрсатганлик ҳолати бўйича хулоса олмаслик эвазига 300 АҚШ доллари пора берган вақтида ушланган.

Бош прокуратура ва Наманган вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Намангандонмаҳсулотлари» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича «Ҳамкор қурилиш сервис» МЧЖ раҳбари Э.Мамаджанов аниқланган 12,3 млн. сўм зарарни ёпиб бериш ҳамда жиноят иши бўйича унга нисбатан қисмини тугатиш эвазига Наманган вилоят прокуратураси терговчиси Х.Умирзақовга 300 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳазорасп туман прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи А.Пўлатов вилоят прокурори номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда Хазорасп туманидаги «Давлатёров Йўлдош Бектурди» фермер хўжалиги фаолиятида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги сабабли фермер хўжалигининг норасмий раҳбари Й.Бектурдиев ушбу ҳолатни унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари таклиф қилганлигини билдирган.

Ушбу билдирги асосида Хоразм вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Й.Бектурдиев А.Пўлатовга унинг хизмат хонасида 2000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳар бир ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 211 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.