Вазирлар Маҳкамасининг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, Қўқон шаҳрида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиали ташкил этилди.

Шунингдек қарор билан 2018−2019 ўқув йилида филиалда бакалавр тайёрлаш бўйича қабул квоталари тасдиқланди.

Филиалга жорий ўқув йили учун талабалар контингенти Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида доимий прописка қилинган, республика олий таълим муассасаларига қарорда белгиланган таълим йўналишларининг мос ва турдош таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва тест синовлари натижаларига кўра ўқишга кира олмаган, бироқ тўплаган баллари энг юқори баллнинг 30 фоизи (56,7 балл)дан кам бўлмаган абитуриентлар ҳисобидан тўлов-контракт асосида шакллантирилади.

Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази баллар кетма-кетлигига риоя этган ҳолда тегишли таълим йўналишлари кесимидаги тест натижалари қайдномаларини чоп этиб, белгиланган тартибда расмийлаштириш учун филиалга етказиб беради.

Филиал Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўз фаолиятини бошлайди. Коллеж ўқувчилари эса ўқишни битиргунларига қадар ўқув жараёнини филиал биноларида давом эттиради.

2018−2019 ўқув йили учун филиалда бакалаврлар тайёрлаш бўйича қабул квоталари қуйида келтирилган:

Изоҳ. *2018/2019 ўқув йилида филиалга талабалар тўлов-контракт асосида қабул қилинади.