Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида вазир Бахтиёр Сайфуллаев бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Маданий-маърифий муассасалар раҳбар ходимлари иштирокидаги тадбирда ҳудудларимиздаги маданий ёдгорликлар ва объектларни муҳофаза қилиш ишлари муҳокама қилинди, дея хабар берди ЎзА.

Таҳлилларга кўра, давлат муҳофазасига олинган объектларнинг 25 фоизидагина муҳофаза белгилари — ёрлиқлар бор. 5585 тасида эса бундай махсус белгилар йўқ. Аксарият маданий объектларнинг ҳалигача кадастр ҳужжати қилинмаган. Уларнинг кўпи маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорларга олиб берилган ёки бошқа мақсадларда сотиб юборилган. Қаровсиз ётган бундай ҳудудлар ҳатто маҳаллий аҳоли томонидан ўзлаштирилиб, чорва моллари боқиладиган ҳудуд ёки экин майдонига айлантирилган. Ободонлаштирилган жуда кўплаб бундай ёдгорликларнинг реставрацияси ёлланма ишчилар — «мардикорлар» томонидан амалга оширилиши натижасида асл ҳолатича сақланишига путур етган. 300 га яқин объект жиддий шикастланган.

Жумладан, Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектларининг 0,1 фоизи яъни атиги 1 тасигина кадастр қилинган. 721 та объект эса бундай ҳужжатга эга эмас. Сирдарё вилоятидаги ана шундай 67 объектдан 3 тасининг кадастри бор.

Йиғилишда келтирилган бу каби салбий ҳолатлар, аниқроғи муаммоларнинг урчиб кетишига раҳбар кадрларнинг масъулиятсизлиги билан бирга, бу лавозимларни мутахассис бўлмаган кадрларнинг эгаллаб тургани сабаблардан бири қилиб кўрсатилди.

Ҳудудий инспекция раҳбарларидан мутахассислиги сўралганда, уларнинг бошқа касб эгалари эканлиги маълум бўлди. Ҳаттоки, тизимда иккита бошқа-бошқа ҳудудлар учун раҳбарлик қилаётган кадрлар борлиги ҳам маълум бўлди.

Вазир ўз сўзида зудлик билан мазкур ҳолатларга барҳам берилишини таъкидлади.