2016 йилда спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ ичиш оқибатидан 3 миллиондан ортиқ киши вафот этди — ҳар йигирманчи ўлим алкогол билан боғлиқ, дейилади 21 сентябрда эълон қилинган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида.

Мазкур ўлим ҳолатларининг тўртдан уч қисмдан зиёдроғи эркаклар ўртасида содир бўлади. Умуман олганда, дунёда касалликларнинг 5 фоиздан зиёдроғи алкогол маҳсулотларини меъёридан ортиши натижасида вужудга келмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, 28 фоиз ҳолатда ўлим маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисасига учраш, ўзига тан жароҳатини етказиш ва шахслар ўртасидаги зўравонликлар, 21 фоизи — овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, 19 фоизи — юрак-қон томир касалликлари ва қолганлари — инфекцион, саратон касалликлар, руҳий касалликлар ва саломатликнинг бошқа бузилишлари оқибати ҳисобланади.

Айни вақтда 2,3 млрд киши спиртли ичимликларни истеъмол қилади, уларнинг 27 фоизи — 15−19 ёшдаги йигит-қизлар. ЖССТ мутахассислари прогнозига кўра, яқин 10 йилда аҳоли жон бошига алкогол истеъмол қилиш кўрсаткичи айниқса Жанубий-Шарқий Осиё, Тинч океанининг Ғарбий қисми ва Америка мамлакатлари ҳисобига ортади.