Словакиянинг Трнава шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида эркин кураш бўйича баҳслар ташкил қилинди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

-125кг вазн тоифасида Ҳасанбой Раҳимов мусобақа давомида Қозоғистон, Арманистон, АҚШ вакилларини мағлубиятга учратиб, ярим финалгача етиб борди. Финал остонасида кечган жангда россиялик Сослан Хинчаговга 6:7 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун ўтказилган баҳсда эса эронлик Амир Надер Ярини 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, совриндорлар қаторидан жой олди.

Словакиядаги жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши баҳсларида Маҳмуд Баҳшиллоев, аёллар курашида эса Актенге Кеунимжаева ва Набира Есенбаева кумуш медални қўлга киритганди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан 3 та кумуш ва 1 та бронза медали билан қайтадиган бўлди.