Ўзбекистон gрезиденти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатга келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбатда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилди.

Бинали Йилдирим президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Туркия мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

Конструктив мулоқот давомида томонларнинг анъанавий дўстлик муносабатлари ва узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга интилиши қатъий экани қайд этилди.

Жорий йил бошидан буён 230 дан ортиқ Ўзбекистон — Туркия қўшма корхонаси ташкил этилгани Туркия ишбилармонларининг Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми шу даврда 40 фоиздан зиёдга ошди.

Сиёсий мулоқот фаол ривожланмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда инвестиция дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Маданий-гуманитар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот кузатилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркия Буюк миллат мажлисида дўстлик гуруҳлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум ва «Йўл харита"си қабул қилинган.