Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналига Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабсз шаҳрида яшовчи Н.Ю.дан қуйидагича савол келган: «Яқинда ижтимоий тармоқларда абитуриентларга бирданига бир нечта таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш имконини берувчи Фармон имзолангани ҳақида ўқидим, шу ҳақда маълумот берсангиз».

Жавобда айтилишича, мазкур масала «2019−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги президент фармонида назарда тутилган.

Фармон билан тасдиқланган «Йўл харита"нинг 26-бандида аҳолини олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини ошириш назарда тутилган. Бунинг учун 2019 йил 1 апрелга қадар тегишли ҳужжат ишлаб чиқилиши лозим.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ушбу ҳужжатда олий ўқув юртларига қабул квоталарни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини бериш, бирданига бир нечта таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш имконини тақдим этиш каби тадбирлар назарда тутилади.