Жиззах вилоятида пахтани ноқонуний равишда қўлга киритган уч нафар фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Саройлик маҳалласида яшовчи Шокиржон Тўйчиевнинг олисроқ ҳудудларда пахта тераётганларга совун, кир ювиш кукуни каби рўзғорга зарур нарсаларни етказиб бериш баҳонасида дала айланиши одамларда шубҳа уйғотган. Ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув давомида у олиб борган нарсаларни терилган пахтага алмаштираётгани аниқланди. Унинг хонадонидан 149 килограмм пахта топилди.

Шу маҳаллада яшовчи Дилшод Каримов эса хонадонида пахтани қайта ишлашни, яъни, қўлбола ускуна ёрдамида пахтадан чигитни ажратувчи «тадбиркорлик"ни йўлга қўйганлиги аниқланди. Унинг хонадонидан 385 килограмм пахта, 58 килограмм чигит ҳамда 38 килограмм пахта толаси топилди. Аниқланишича, у хомашёни тумандаги «Зарафшон» сув истеъмолчилар уюшмаси «Шоирабегим гуллари» фермер хўжалиги далаларидан яширинча териб олган, яъни ўғрилик қилган.

Зафаробод тумани ҳудудида ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган «Нива» русумли автомашинада Пахтакор тумани, Боғишамол қишлоғида яшовчи Санжар Ҳайитбоев 210 килограмм пахта олиб кетаётгани аниқланди. Унинг айтишича, пахтани Зомин туманидаги «Пишоғар» бозорида нотаниш одамдан ҳар килосини 8 минг сўмдан сотиб олган экан.

Вилоят ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи айни вақтда ҳар учала ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини хабар берди.