Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари жисмоний шахслар томонидан товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош қилишди.

Жумладан, «Жартепа» чегара постида Тожикистондан кириб келган фуқаро У.А. божхона қонун-қоидаларини қўпол равишда бузгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу шахс Ўзбекистонга олиб кирилиши бутунлай тақиқланган 515 дона лазерли нур тарқатгичларни яширинча олиб киришга уринган пайтида божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди. Аниқланишича, мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5 миллион сўмни ташкил қилар экан.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 20 февралдаги 50-сон қарорига биноан республикамизга лазерли нур тарқатгичларни четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан суднинг қарорига биноан лазерли нур тарқатгичлар давлат фойдасига мусодара қилиниб, фуқаро У.А.га жарима жазоси тайинланди.