«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан жорий йилнинг 20 июнидан бошлаб, қоғоз шаклидаги ойлик йўл чипталари билан биргаликда, 3 ой муддатга синов тариқасида электрон ойлик йўл чипталари (ЭОЙЧ) жорий этилган эди.

Мазкур электрон тизимни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ахборот технологиялари соҳасидаги етук мутахассислар жалб қилинди. Шу тариқа, ушбу электрон тизимнинг йўловчи учун қай даражада қулайлиги, ижобий ва салбий жиҳатлари чуқур ўрганилди.

Ўрганиш натижасида, тиғиз вақтларда йўловчи томонидан тўлов амалга ошириш жараёнида чиптачига ҳам бир марталик тўловни ҳам ЭОЙЧ қўлидаги қурилма (терминал)да қайд этиш юкланганлиги, аммо бу жараён унинг кунлик режасига таъсир қилмаганлиги сабабли салбий натижа кўрсатди. Шу билан бирга, автобусларда электрон чипталарни назорат қилиш борасида юзага келган ноқулайлик натижасида йўловчилар томонидан бундай йўл чипталаридан ноқонуний тарзда фойдаланган вазиятлар ҳам кўплаб кузатилди.

Ана шундай ҳолатлардан келиб чиқиб, қолаверса, электрон ойлик чипталарининг синов муддати якунига етганлигини инобатга олиб, тизим фаолияти келаси ойларга узайтирилмади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 28 август куни транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича ўтказган йиғилишида соҳа мутасаддилари олдига қўйган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, жамият томонидан жамоат транспортларида автомат тўловни жорий этиш бўйича хорижнинг етакчи компания ва фирмалари билан музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Белоруссия, Япония каби давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат"АЖга чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда, Тошкент шаҳар транспорт тизимини тубдан ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилаётган Страгетегияга мувофиқ янги автоматлашган тўлов тизимини жорий йилда бошлаш режалаштирилган.