Вазирлар Маҳкамасининг ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга биноан, махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ қамраб олиниши мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати шакллантирилади ҳамда ҳар уч йилда янгилаб борилади.

Шакллантирилган рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз шахслар яшайдиган туман (шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган китобхонлар ўртасида «Энг фаол китобхон», «Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон», «Энг яхши китобхон оила» каби кўрик-танловларни мунтазам ва босқичма-босқич ўтказиб бориш, шунингдек, Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Брайль ёзувида адабиётлар чоп этиш учун типография ҳамда аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини очиш режалаштирилган.

Қарор билан ахборот-кутубхона муассасаларига келишга имконияти йўқ фойдаланувчилар учун Интернет орқали аудио китоблардан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда кўчма кутубхоналар ташкил этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.