Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни мамлакатда бўлиб турган Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг етакчи араб жамғармалари делегациясига бошчилик қилаётган Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажарни қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ИТБ гуруҳи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги доирасида юртимизга 1,9 миллиард долларлик имтиёзли кредит маблағлари жалб этилган бўлиб, улар иқтисодиётнинг турли тармоқларига оид лойиҳаларни ўз ичига олади. Ушбу лойиҳалар йўл-транспорт, энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши, ичимлик суви билан таъминлаш тизимини, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш каби соҳаларни қамраб олган.

Ҳамкорлик учун улкан салоҳият, энг муҳими, уни янада мустаҳкамлашга ўзаро интилиш мавжудлиги таъкидланди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «ИТБ гуруҳи куни» доирасида Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2018−2021 йилларга мўлжалланган 1,3 млрд долларлик шериклик стратегияси имзоланди.

Президент Ислом тараққиёт банки раҳбарига жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш мақсадида Самарқандда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига кўрсатилаётган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бандар Ҳажар, ўз навбатида, Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки гуруҳи учун минтақадаги асосий шериклардан бири эканини таъкидлади. Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларга юксак баҳо бериб, ИТБ мамлакатимиздаги ислоҳотларга ҳар томонлама кўмакни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.