«Ma'rifat» газетаси сайтида нашр мухбирлари Хайрулло Абдураҳмонов ваШарифа Мадраҳимованинг «Қува туманидаги мактаб ҳудуди ноқонуний эгаллаб олинди» номли мақоласи эълон қилинди.

Мактаб ҳудуди ва мулки дахлсиз

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони асосида ўқитувчиларга бир қатор имтиёзлар яратилиб, таълим муассасалари фаолияти эркинлиги ва мустақиллиги таъминланди. Айниқса, мактаб директорининг ваколати янада кенгайди. Энди мактаб раҳбари нафақат ўқув-тарбия жараёнига, балки мактаб фаолиятига тегишли барча бошқарув ишларига масъул.

Мактаб ҳудуди ва мулки дахлсиз. Унга ўзбошимчалик билан эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Энди барига ҳокимлар жавобгар

Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мактабларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашади. Мактаб ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш, мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича зарур чоралар кўришни ташкил этиш учун шахсан жавоб беради.

Афсуски, айрим ҳудудларда танага кирган зирапчадек, мактаб мулкини талон-торож қилиш, уни ноқонуний эгаллаб олиш ҳоллари кузатилмоқда. Баъзан бу ишларга туман ҳокимлари ҳам бош-қош бўлаётгани ачинарли.

Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-мактаб атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар кишини ўйга толдиради. Гап шундаки, 1992 йилдан бери мактаб балансида бўлган 65 сотих ер майдони ва 3 сотих майдондаги бино шу туманда яшовчи Тўлқин Пўлатов томонидан ноқонуний тарзда эгаллаб олинган.

Низоли масала юзасидан туман ҳокими Ҳалимжон Умаровнинг фикри билан қизиқдик.

— Ушбу низоли бино 2018 йил март ойида президент девони ишчи гуруҳи туманимизда ўрганиш олиб борган пайт бўш ётган бинолар рўйхатига киритилган, — дейди Ҳ.Умаров. — Бўш турган бино тадбиркор Тўлқин Пўлатовга берилган. У бу ерда тикувчилик фаолиятини олиб боряпти. Энг асосийси, бино остидан «Асаканефть» корхонасининг қувури ўтган бўлиб, ҳар қандай иншоот қуриш тақиқланади. Шу масала кўтарилганда корхона мутасаддилари расмий маълумот беришди. Демак, бино лойиҳа талабига мос қурилмаган. Уни бузиб ташлаш керак. Аммо ҳозирча фойдаланиб турилгани учун бузилмади. Тадбиркор келишув учун ҳамма нарсага тайёр. Ҳатто мактабга спорт майдончаси қуриб беришга ҳам рози. 10 нафар кам таъминланган оила фарзандларига мактаб формаси тикиб берди. У бу ерда анчадан бери иш олиб боради.

Шу ўринда савол туғилади. Нима учун мактаб ўз эҳтиёжи учун фойдаланишни талаб қилса, ноқонуний деб топиладию, тадбиркор фаолият юритиши учун рухсат берилади? Туман ҳокими таъкидлаганидек, бинонинг ҳеч қандай кадастр ҳужжати бўлмаса, тадбиркор Тўлқин Пўлатов ундан қандай ҳужжат асосида фойдаланяпти?

Мактаб раҳбарлари қатъий бўлиши керак

Ҳаммаси 2017 йилда бошланди. Бунгача ер майдонидан мактаб маъмурияти фойдаланиб келарди. Шу йили Неъмонжон Маҳмудов муассасага директор этиб тайинлангач, туманнинг Турк қишлоғида яшовчи Тўлқин Пўлатов мактаб балансида бўлган бўш ётган бинодан фойдаланишни сўрайди. Неъмонжон Маҳмудов энди иш бошлаганини, қолаверса, мактаб кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ҳаракатида юрганини айтади. Шу билан 2018 йилнинг апрель ойигача бу масала кўтарилмайди. Афсуски, апрель ойида мактаб директори навбатдаги малака оширишга кетганда Тўлқин Пўлатов қоровулдан калитларни олади ва ноқонуний тарзда бинони эгаллайди. Бунинг учун асос сифатида маҳалла фуқаролар йиғини раисининг қарорини кўрсатади. Ер майдони ҳамда ундаги бино ва иншоотлар аслида кимга тегишли?

— Чаман (собиқ Бўстон) кўчасида жойлашган ер майдони ҳамда бино ва иншоотлар 1992 йилдан бери мактабимиз балансида туради, — дейди Неъмонжон Маҳмудов. — Аммо Тўлқин Пўлатов ҳеч қандай асоссиз, ўзбошимчалик билан унга эгалик қилиб олган. Ёрдам сўраб, туман ҳокимлиги, ИИБга қилган мурожаатимиз эътиборсиз қолиб келмоқда. 2018 йили биноларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун туман ҳокимлигига, вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонасининг Қува тумани филиалига мурожаат қилдик. Мутахассислар ишга киришди. Аммо орадан бир ой вақт ўтгач, ишлар тўхтаб қолди. Ташкилот раҳбари Ж.Мамажонов вазиятга изоҳ бериб, туман ҳокимининг топшириғига кўра, бино ҳокимлик балансига олиниб, тадбиркорга берилишини айтди. Ушбу низоли масала халқ депутатлари Қува туман кенгашининг шу йил 20 июндаги 41-сессиясида ҳам кўриб чиқилди. Афсуски, туман кенгаши депутати Авазбек Тешабоевнинг фикри эътиборга олинмади. Мактабда 360 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, овқатланиши, тадбирлар ташкил этиш учун қўшимча бино йўқ. Тадбиркор эгаллаб олган бинолар бўшатилса, шу муаммо ечилган бўларди.

Мактаб директори Неъмонжон Маҳмудов Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга, вилоят прокурори С.Турдиевга, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматовга, Қува туман маъмурий суди раиси А.Жумаевга ариза, туман ҳокими Ҳ.Умаровга билдириш хати ёзган.

Директор мутасаддилардан 1992 йил май ойидан буён балансида бўлган қўшимча бино ва иншоотларга мактабнинг эгалик ҳуқуқини эътироф этишни ҳамда қўшимча бинога ноқонуний кириб олган тадбиркорнинг чиқиб кетишини сўраган. Аммо бу мурожаатлар эътиборсиз қолган.

Таълим муассасаси фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда ҳатто республикада оммалаштиришга арзийдиган ибратли тажрибалар кўплигига гувоҳ бўлдик. Мактаб «Энг обод таълим муассасаси» танловининг туман босқичида ҳар йили ғолиб бўлади. Билимлар беллашувида ўқувчилари фаол иштирок этади. Фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев фаол ва иқтидорли ўқувчилар учун ўз ҳисобидан стипендия жорий қилган. Ҳар чорак якунида 30 нафар аълочи ўқувчи ушбу стипендия соҳиби бўлади.

Хўш, бу масалада вилоят «Ермулккадастр» давлат корхонасининг Қува тумани филиали раҳбари Жасур Мамажонов қандай фикрда?

— Бино ҳақиқатан ҳам 1992 йилда мактаб балансига ўтган. Шу йиллар давомида мактаб ундан фойдаланиб келган. Аммо буни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат бўлмагани учун айни кунда унинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бера олмадик.

Бу борада туман халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директорининг фикри бошқача. Уларнинг айтишича, Мингчинор МФЙ ҳудудида жойлашган бино 1992 йил 1 майдан буён «Гулистон» (М.Шербўтаев) ширкат хўжалигидан мактаб ихтиёрига ўтказилган. Қува тумани ҳокимининг 2014 йил 19 майдаги «Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини қайта хатловдан ўтказиш ва хатлов натижалари бўйича иловага мувофиқ ер майдонларини доимий фойдаланишга бириктириб, бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ва оператив бошқариш ҳуқуқини белгилаш тўғрисида"ги 814-сонли қарорига асосан 50-мактаб балансида экани тасдиқланган.

Мактаб директори муаммога ечим сифатида таклиф киритди:

— Аслида, бу масаланинг ечими жуда оддий, — дейди Неъмонжон Маҳмудов. — Биз туман ҳокимлиги, тадбиркор билан низога боришни хоҳламаганмиз. Ҳозир ҳам туман ҳокимлиги, «Ермулккасдастр» давлат корхонаси Қува тумани филиали низоли ер майдони, ундаги бинонинг кадастр ҳужжатини тайёрлаб, мактаб ихтиёрига ўтказиб берса, Президентимизнинг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони асосида тадбиркор ундан ижара шартномаси бўйича фойдаланиши мумкин. Мен ҳокимликдан моддий ёрдам сўрамаяпман. Фақатгина 1992 йилдан то шу кунгача балансимизда бўлган ўз мулкимизга эгалик ҳуқуқини сўраяпман, холос. Бундан нафақат мактаб, балки шу ҳудуддаги аҳоли фарзандлари манфаат кўради. Ахир, таълим муассасаларида келажагимиз эгалари камол топади.

«Ma'rifat» газетаси таҳририяти мақола сўнггида ушбу мақола юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси ҳамда Қува тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан жавоб кутиб қолишини билдирган.