2018 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳининг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда олимлар ва мутахассислар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 сентябрь куни қабул қилинган мазкур қонун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштиришга,мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича ҳуқуқий механизмларни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва «Чиқиндилар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузганлик, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантирганлик, улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузганлик, шунингдек саноат, рўзғор чиқиндилари ва бошқа чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмибташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чоралар кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

«Чиқиндилар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш, чиқиндиларни трансчегаравий ташиш каби фаолият турлари ҳисобига «чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш» тушунчаси мазмуни кенгаймоқда. Шунингдек, саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланмоқда.

Қонун муҳокамасида ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.