Марк Рисс — Вашингтон университетида Марказий Осиёдаги туркий тиллар, хусусан ўзбек тили, жадидчилик ва ислом фиқҳи бўйича таълим олган. У 23 йиллик умрини Марказий Осиёда «Тинчлик корпуси» кўнгиллиси бўлишга бағишлаган. Таржимон Термиз, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида болаларга инглиз тилидан дарс берган ва ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларида қатнашган. Айни пайтда АҚШнинг Теннеси штати Нашвил шаҳрида истиқомат қилади. «Ma'rifat» газетасида мухбир Шоира Боймуродованинг Марк Рисс билан суҳбати эълон қилинди.

-«Ўткан кунлар» романида тасвирланган қайси ҳолатларни тушунишда, қабул қилишда қийналдингиз? Яъни, менталитетлар орасидаги фарқни инобатга олганда сизни ўйлантириб қўйган ҳолатлар бўлдими?

— Мен учун асарнинг даражасини баҳолаш мезони маданияти, тили ёки у яратилган тарихий даврдан қатъи назар, буюк ёзувчи ўз фикрларини бутун башариятга, ҳар биримизга етказиб бера олишидир. Шунинг учун ҳам бу жаҳон адабиёти дейилади. Абдулла Қодирий ва Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб ижодкорлари асарлари шу кунгача дунё адабиёти дурдоналари рўйхатига кирмай келди.

Қодирий ана шу маррани босиб ўта олди. Айтишим мумкинки, «Ўткан кунлар» жуда бой ва тугал роман бўлиб, унда Ғарб ўқувчиси учун янгилик бўлган турфа хил анъаналар тасвири, терминлар ва тарихий даврга хос ҳикоялар жуда кўп. Бу эса айни пайтда юз бераётган жараён — Ўзбекистонни дунёга яқиндан танитиш борасида ҳам катта аҳамиятга эга. Таржимон кимнингдир асарини олади-да, уни бошқа халқлар ўқувчилари тушунадиган тилда ифодалайди. Таржима бу қандайдир фан соҳаси эмас, балки муаллифнинг фикрини етказиб бериш санъатидир. Мен ўз ўқувчиларимиз тушунишлари осонроқ бўлиши учун романдаги муҳим ҳолатлар бўйича 500 га яқин изоҳлар киритдим.

Саволингизга келсак: кундошлик, хонлик ҳокимияти тартиботи, Ислом динига алоқадор баъзи ҳолатларни тушунтириб бериш қийин бўлди. Энг катта ютуғим шуки, Қўқон ва Тошкентда бир неча йил умргузаронлик қилганман. Ана шундай анъаналар ва муайян атамаларни тушунтиришда қийинчиликка дуч келган пайтларим жуда кўп ўзбек дўстларимдан маслаҳат сўрадим ва улар менга ёрдам беришди. Аммо, шуни қайд этишни истардимки, романдаги баъзи ҳолатларни тўлиқ англаб етиш ҳатто ўзбеклар учун ҳам мушкул, унда кўтарилган масалалар юзасидан ҳамон баҳслар бўлади.

Қодирий буни жуда яхши тушунган, деб ўйлайман. У шедевр даражасида асар ёзиш баробарида ўз даврининг муаммоларини очиб ташлаш мақсадини ҳам қўйган. Бироқ, таъкидлаш жоизки, бу ёруғ оламда барча инсонларнинг тақдирлари муштарак ва шу боис ҳам Қодирий ўз асари орқали бутун инсониятга мурожаат қилмоқда.

— «Ўткан кунлар"ни инглиз ёки бошқа халқлар адабиётининг қайси асарига менгзаган бўлар эдингиз?

— Айни пайтда ўзимни ҳам ўйлантирган жуда қизиқарли савол. Менга бу роман Уилям Фолкнер ва Жеймс Жойс асарларини эслатади. Ҳар икки ижодкорнинг прозаси жуда бой ва бир ўқишда англаб етиш мураккаб. Бу уч муаллиф тахминан бир пайтда яшаб, янгича ғоялар силсиласида ижод қилган ва айни дамда, асарларида ўтмишга нигоҳ ташлаб, замонасининг қиёфаси билан таққослаганлар. Улар ўз давридаги янгиланишлардан роҳатланган, шуҳратга кўмилганлар ва шу билан бирга, танқидлардан ҳам ҳайиқмаган.

— Таржимангиз чоп этилдими? Агар шундай бўлса, америкалик ўқувчи «Ўткан кунлар"га қандай баҳо бермоқда?

— Биз асарни 2019 йил 11 апрель куни — Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишлаб чоп этиш ниятидамиз. Роман электрон китоб шаклида тақдим қилинади ва бундан катта фойда кўришни ҳам режалаштиряпмиз.

— Ўзбек адабиётининг бошқа асарлари таржимасига қўл уриш истагингиз борми? Умуман, ушбу романни инглиз тилига таржима қилиш ғояси қандай туғилди?

— Биз ўзбек адабиётининг гўзал асарларини таржима қилиш дастури учун грант олиш мақсадидамиз. Қодирийнинг дурдона асаридан сўнг хаёлимга биринчи бўлиб Ойбек қаламига мансуб «Навоий» романи келган. «Мулоқот» деган ном остида ўзбек асарларига қизиқувчи ёш таржимонларни тайёрлаш, янги-янги асарларни кашф қилишга хизмат қилувчи расмий маданий дастур очмоқчиман. Бош мақсад эса бой адабиётингизни ғарб ўқувчисига таништиришдир.

— Қўқонда мактаб ўқувчиларига дарс ўтганингиз ҳақида эшитганмиз. Ўзбек болалари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ростини айтсам, бошида ҳам ўқувчилар, ҳам ўқитувчилардан бироз чўчиганман. Ўтган асрнинг 90-йиллари, оғир даврлар эди. Бироқ ўзбекистонлик ўқувчилар тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги билан мени ҳайратга солган. 2017 йил декабрда Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган маросимда қатнашдим ва энди ул¬ғайиб 30 ёшларга кирган, турли университетларни тамомлаб, Ватани ривожи йўлида меҳнат қилаётган ана шу авлодни кўрдим. Турли дастурларни рўёбга чиқараётган, директор, ҳуқуқшунос, врач, журналист бўлиб етишган бу ёшларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди.

Аммо ўқитувчиларингиз ҳақида гапирмасам бўлмас. Ўзбекистонда ишлаган давримда тажриба алмашиш икки томонлама бўлганди. Аслини олганда, ўзим ўргатганимдан кўра, улардан ўрганган жиҳатларим кўпроқ. Мен билан бирга ишлаган ўқитувчиларнинг барини ҳақиқий қаҳрамон деб атаган бўлардим.