Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов 9−19 сентябрь кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бошланган МЕМОS дастурида қатнашди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

МЕМОS дастури (Executive Masters in Sports Organisations Management, спорт менежментида магистрлик даражасини берувчи таълим) Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия бирдамлиги ташаббуси билан ташкил этилган.

МЕМОS дастури дарслари бир йилга мўлжалланган бўлиб, тўртта модулдан ташкил топган. Биринчи модуль Лозаннада (Швейцария) ташкил этилди. Унда Ўзбекистон вакили сифатида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов иштирок этди. Дастурда умумий ҳисобда жаҳоннинг 35 мамлакатидан турли спорт ташкилотлари вакиллари қатнашишди.

Ушбу дастурнинг асосий мақсади — халқаро ва миллий спорт ташкилотларида фаолият олиб бораётган раҳбарлар, менежерларга бошқарув давомида кўмак беришдир. Якуний тўртинчи модулда МЕМОS иштирокчисининг лойиҳа ҳимояси ва тақдимоти ўтказилади. Мазкур дастур спорт соҳаси вакилларининг ўзаро тажриба алмашишлари ва мулоқот қилишлари учун ҳақиқий ахборот майдони сифатида ҳам хизмат қилади. Сафар давомида Халқаро олимпия қўмитаси Олимпия бирдамлиги вакиллари билан учрашув ҳам ташкил этилди.

Навбатдаги модуль 2019 йилнинг 20 — 30 январь кунлари Оттава (Канада) шаҳрида бўлиб ўтади.