Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлз ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келлини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида АҚШга расмий ташриф давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашув ва музокаралар мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликда янги даврни бошлаб бергани вауни аниқ мазмун билан бойитганини алоҳида таъкидлади.

Бугун кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, инновация, инвестиция, фан ва техника, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий гвардияси ва тегишли идораларининг Миссисипи штати Миллий гвардияси билан, жумладан, жамоат тартибини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш соҳасида тажриба алмашиш, тренинг ва тадбирлар ўтказиш борасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Миссисипи штатининг етакчи корхоналари ва компаниялари билан савдо ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларида шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Генерал Ж.Бойлз ва конгрессмен Т.Келли Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир аниқ ташаббуслари учун миннатдорлик билдирди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда сифат жиҳатидан янги босқичда амалга оширилаётган, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳот ва ўзгаришларни юксак баҳоладилар. Самарали парламентлараро ва идоралараро мулоқотларни давом эттириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш ишларини фаоллаштиришга тайёрлик билдирди.

АҚШ делегацияси аъзолари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кенг кўламли амалий шерикликни янада мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини таъкидлади.