1 сентябрдан бошлаб Тошкентда чорраҳаларга ўрнатилган камералар ёрдамида қайд этилувчи Йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ Компьютер марказидан «Газета.uz"га хабар қилинди.

Авваллари камералар фақатгина икки турдаги қоидабузарлик — светофорнинг тақиқланган чироғидан ўтиш ва рухсат берилган тезликни оширишни қайд этган бўлса, эндиликда бу рўйхат еттитагача оширилди. Беш турдаги қоидабузарликларни ЙҲХБ Марказий диспечерлик хизматининг 15 нафар оператори қўлда қайд этиб боради.

Машинани бошқаришда телефондан фойдаланиш, хавфсизлик камарини тақмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш ва пиёдалар йўлаклари бўйлаб ҳаракатланиш каби қоидабузарликлар эндиликда камера орқали қайд этилади.

Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий қоидабузарликлар тўғрисида баённома тузилиб, қоидабузарнинг яшаш манзилига юборилади.

Қоидабузарликларни автомат қайд этиш ва видеокузатув тизими 2017 йил 15 март куни пойтахтнинг 115 та чорраҳасида иш бошлаган эди. Режага мувофиқ, тизим яна 280 та чорраҳани қамраб олиши лозим.