Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz"га берган интервьюсида мамлакатдаги таълим тизими ҳолати ва муаммолари, ва шунингдек Ўзбекистоннинг Марказий Осиён таълим марказига айланиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Мустақил олий таълим муассасалари

Университетлар амалда мустақил бўлишлари керак. Ҳозирги кунда ОТМ ректорларини Вазирлар Маҳкамаси тайинлайди. Таклиф шундан иборатки, ректорларни ўқитувчиларнинг ўзлари, яъни профессор-ўқитувчилар жамоаси танласин. Бунинг учун алоҳида меъёрлар ишлаб чиқилади. Ректор маълум гуруҳлар томонидан сайланмасин. Бундай муаммо бизда бор, шунинг учун ректорни танлаш очиқ танлов орқали амалга оширилиши керак.

Янги тузилма

ОТМ муассасаларида бошқарувчи ёки бош менежер лавозими жорий этилади. Бу шахс бевосита молиявий, иқтисодий масалалар билан шуғулланади. Янги тузилма вазифаларни тақсимлаш орқали таълим жараёнига ҳамда энг яхши ўқитувчиларни жалб этишга ёрдам беради. Ҳозирги кунда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университетида бу тузилма мавжуд. ОТМлар амалда таълим ва буджет йўналишларини танловчи васийлик кенгашлари томонидан бошқариб борилади. Давлат ОТМларида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ректорлар тайинлашда вето ҳуқуқига эга бўлади, ректор номуносиб бўлса, вазир бу ҳуқуқидан фойдаланади.

ОТМларга қабул квотаси бекор бўлади

Университетлар ўзлари таълим йўналиши ҳамда квоталарни талабга кўра аниқлашади. Ҳозир бу ҳукумат томонидан аниқланади, биз бу ҳуқуқни университетларга бермоқчимиз. Ота-оналар ҳам бу жараёнда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Чексиз талабаларни қабул қилиш имконсиз. Университетда яратилган шароит, ўқув хоналари, лабораториялар ҳолатидан келиб чиқиб, қабул квотаси белгиланади. Профессор-ўқитувчилар жамоаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Университет моддий-техник базаси 2000 талабани қамраб олиш имкониятини берса, лекин профессор-ўқитувчилар етарли бўлмаса, у ҳолда ушбу ОТМда 500 нафар талаба ўқийди.

Хусусий ОТМлар ва давлат-хусусий ОТМлар ҳамкорлиги

Қонунчиликка хусусий ОТМлар ҳақида тушунча киритилади. Агар жисмоний шахсга хусусий университет очиш имконияти яратилса, унда молиявий ресурслар бор, у ОТМни керакли лаборатория, жиҳозлар билан таъминлайди, профессор-ўқитувчиларни жалб этади ва бу фақат бошланиши.

Бундай ОТМларни ташкил этиш учун имтиёзлар таклиф этилиши керак. Масалан, уларни солиқлардан, божхона тўловларидан камида 10 йилга озод қилиш, чет эллик ўқитувчиларни жалб этадиган бўлса, ўқитувчиларга визасиз тартиб жорий этиш. Шунингдек, давлат-хусусий ОТМлар учун учун биноларни тақдим этишга ҳам тайёрмиз. Бунда бино 30 йил фаолият юритиши шарт, кейин бу бино хусусий мулкка айланади.

Чет эллик талабалар учун қулайликлар

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг таълим марказига айланиши керак. Кейинги 5 йил давомида биз аҳолини олий олий таълим билан қамраб олишини 25 фоизгача оширишимиз керак. Бизда таълим сифати ошса, кўплаб хорижий филиаллар, ҳамкорликдаги факультетлар очилади, юртимизга кўпроқ хорижлик талабалар кела бошлашади. Биз уларга ва ота-оналарига таълим давомида визасиз тартибни қўллаймиз.

Хорижлик талабалар сонининг ошиши биз учун жуда ҳам фойдали, бизда ўқиб кетган талабалар ўз юртлари ҳамда Ўзбекистон ҳамкорлигини яхшилашда, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайдилар.

Имтиҳонларнинг янги кўринишда ўтказилиши


Бу йилдан бошлаб президент ташаббуси билан тизимда катта ўзгаришлар бўлди, имтиҳонларни ҳам максимал равишда шаффоф бўлишини таъминлашга ҳаракат қилдик. Бу жараён давом этади. Биз ОТМларга қабул қилиш тизимини яхшиламоқчимиз. Биринчидан, биз абитуриентга бир нечта ОТМга ҳужжат топшириш имкониятини бермоқчимиз. Иккинчидан, имтиҳонларни хоҳлаган пайтлари топширишлари мумкин. Ўрта ёки ўрта-махсус таълимга эга абитуриент уч йил давомида бир марта имтиҳонни бепул топшириш имкониятига эга бўлади.

Биз IELTS ёки GMATга ўхшаш тизимни жорий этмоқчимиз. Бу тизимни биз синов тариқасида бир нечта ОТМларда синаб кўрмоқчимиз. Давлат тест марказида махсус имтиҳон комплекслари тайёрланади. Икки-уч ой давомида абитуриентлар келиши ҳамда имтиҳонлар топширишлари мумкин бўлади.

Ижтимоий ёрдам ҳақида

Давлат хусусий ОТМларда белгиланган тўловли квотага эга бўлади. Давлат кам таъминланган, кўп фарзандли оилалар, чекка ҳудудлардан келган талабаларга грант кўринишида ёрдам бериши керак. Бундан ташқари, стипендия тўловлари ОТМларнинг ўзи томонидан белгиланиши керак.

3.0 Университетлар

Биз 80 та мавжуд ОТМлардан давлат буюртмаси бўйича мутахассислар тайёрловчи ва давлат томонидан молиялаштирилувчи марказларни танлашимиз керак, улар 3.0 университетлар бўлади.

Маълумот учун: Университетлар мақсади бўйича:

1.0 университет — таълим берувчи институт,

2.0 университет — таълим берадиган ва илмий тадқиқотлар ўтказадиган ОТМ,

3.0 университет — бунда икки мақсадга билимларни тижорийлаштириш ҳам киритилади. 3.0 университет АҚШдаги мултикампусли ривожланиш билан боғлиқ.

Ҳарбий имтиёзлар ҳақида


Армияда хизмат қилганлар учун умумий имтиёздан ташқарида бўлган, алоҳида имтиёзлар берилиши керак. Қўшиладиган имтиёз балларига ҳам саволлар бор. Бу ерда қизларнинг камситилиш ҳолати бор. Мазкур саволни қайта кўриб чиқиш керак. Бу адолатсизликдир.

Хизмат вақтида вафот этган, жароҳатланган, ногирон бўлиб қолган ёки касал бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандларига имтиёз бериш жуда ҳам тўғри қарор. Бу ерда асосий имтиёздан ташқари қўшимча квота бўлиши керак. Ҳозир биз лойиҳани тайёрлаяпмиз. Умид қиламизки, келаси йил ўзгартиришлар киритилади.

Имконият даражасидан ташқаридаги суперконтракт

Суперконтракт тўловлари, тан олиш керакки, жуда ҳам қиммат. Суперконтракт тўловларини оптималлаштириш керак, қандай тўлов миқдори белгиланиши орқали катта ресурслар жалб қилиниши ҳамда таълим сифатини таъминлаш мумкинлиги устида керакли таҳлилларни қилиш керак.

Инсонга фақат ОТМга кирганидан сўнг эмас, балки ёшлигидан таълим олишига, репетитор билан шуғулланишига ҳам эътибор қаратиш керак. Узоқ муддатли истиқболни ўйлаш керак. Бу йил билимли абитуриентларнинг етарли эмаслиги сабабли бир қанча квоталар бўш қолганининг гувоҳи бўлдик.