Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэкни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, шу жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотга муҳим аҳамият қаратаётганини қайд этди. Президент Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланганини таъкидлади.

Президент Ўзбекистон барчанинг таълим олишига кенг имконият яратиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳамда эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини сўзлаб берди.

Самуэль Браунбэк самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Мамлакат диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, хусусан, мамлакатда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилди.