Моддий манфаат илинжида ички ишлар ходимининг хизмат кийимини кийиб, фирибгарликка қўл урган фуқаролар Бекзод Одилбеков ва Анвархўжа Шоисаев қўлга олинди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалидаги «Пойтахт вазият» дастурида маълум қилинди, дейилади ЎзА хабарида.

Улар осон пул топиш мақсадида жорий йилнинг 28 февраль куни соат 16:30 ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳудудидаги «Болажон» истироҳат боғига келишади ва шу ерда сайр қилиб юрган Ҳакимов ҳамда Юсупованинг олдига бориб, уларни сўроққа тутади. Мақсад, пўписа қилиш орқали пул ишлаб олиш эди. Айнан шунинг учун жамоат жойида беҳаё ҳаракатларни содир этганлик билан туҳмат қилиб, бу ҳақда улар яшайдиган маҳаллада муҳокама қилмаслик эвазига пул талаб қилишади.

Жабрланувчилар мурожаати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тезкор тадбирлари ўтказилди. Натижада Адилбеков ва Шоисаев 80 минг сўм миқдордаги пул маблағини олган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (товламичилик, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, мулкий манфаатлар беришни талаб қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.