18 август — 2 сентябрь кунлари Индонезия Осиё ўйинларига мезбонлик қилди. Анъанага кўра, мусобақа ниҳоясига етгач, орадан маълум вақт ўтиб Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади. Бу йилги Параосиё ўйинлари 6−13 октябрь кунлари ўтказилади. Унда ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам иштирок этиши режалаштирилмоқда.

18 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида Индонезиядаги Параосиё ўйинларига расмий кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти яқинлашиб келаётган ўйинларда иштирок этувчи спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов сўзга чиқиб, Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш навбати паралимпиячиларимизга келгани ҳақида гапирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини МОҚ Президенти ва Ўзбекистон Паралимпия ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов терма жамоамиз аъзоси Ҳусниддин Норбековга тантанали равишда топширди.

Якунда паралимпиячиларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиш мақсадида хонанда Лола томонидан ишланган янги «Бир жамоа» видеоклипи намойиш этилди. Бунгача Миллий олимпия қўмитасида ушбу клипнинг тақдимот маросими ўтказилганди.

Эслатиб ўтамиз, III Параосиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк маротаба 54 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳамюртларимиз спортнинг бешта тури: пауэрлифтинг, дзюдо, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика бўйича баҳсларда ўз омадларини синаб кўришади. Бу сафар Ўзбекистон делегацияси II Параосиё ўйинларига қараганда икки баробар кўп спортчи билан иштирок этади. Таққослаш учун тўрт йил олдин Инчеондаги ўйинларда 27 нафар паралимпиячимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилганди.