18 сентябрь куни Бухоро вилоятида газ баллони ўрнатилган автобус ҳалокатга учраганидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари, шунингдек табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказишга фармойиш берди.

Икки ой давомида олиб борилган хатов натижалари бўйича ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича «Йўл хариталари"ни ишлаб чиқилиши лозим.

18 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманида «Ғузор-Бухоро-Нукус» А-380 автомобиль йўлининг 201- километрида «Исузу» йўловчи автобусида ўрнатилган газ баллони портлаган. Бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган. Барча йўловчилар Ўзбекистон фуқаролари. Портлаш газ қуйиш станциясидан чиқиш биланоқ содир бўлган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар маккажўхори ҳосилини йиғишга йўл олган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Когон туманида содир бўлган ҳодисанинг сабабларини ўрганиш ва жарбланганлар ҳамда ҳалок бўлганлар оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича иловага мувофиқ таркибда Ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Комиссия аъзолари Мудофаа вазирлиги ҳаво кемасида Бухорога юборилди.