2018 йил 16 сентябрь куни соат 17:30 ларда Арнасой туман прокурорининг ўринбосари Каримов Дилшод Бадриддин ўғли отаси Каримов Бадриддинга тегишли, давлат рақам белгиси 25 Y 717 DA бўлган «Нексия-1» автомашинасини ишончнома орқали 4Р38 «Жиззах-Учтепа-Навбаҳор» автомобиль йўлининг Пахтакор-Жиззах йўналишининг 16 километрида бошқариб бораётган бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Унинг ортидан ҳаракатланиб келган «Daimler Benz 210 СПГ» русумли автомашина ҳайдовчиси Ж. йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, уни қувиб ўтиб, кескин тормоз берган ҳолатда, уни тўхтатишга ҳаракат қилиб, Д.Каримовни йўлда ҳаракатланишига тўсқинлик қилганлиги сабабли, Д.Каримов бошқарувини йўқотиши натижасида йўлнинг чап томонида жойлашган уйларнинг йўлагига чиқиб кетган ва йўлакда ҳаракатланиб келаётган пиёда Г. Эгамбердиевани уриб юборган.

Фуқаро Г. Эгамбердиева олган тан жарохатлари натижасида РШТЁИМнинг Жиззах филиалида вафот этган. Судга оид тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, марҳум Г. Эгамбердиевага етказилган жароҳат оғирлик даражаси бўйича «ҳаёт учун хавфли бўлган» тан жароҳати деб баҳоланган.

Д.Каримов «бош мия чайқалиши, пешона соҳаси тирналган тан жароҳати ва ўнг елка чиқиши» тан жароҳатлари билан РШТЁИМнинг Жиззах филиали нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан 2018 йил 16 сентябрда ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг 18-бўлими томонидан олиб борилмоқда.