Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов яқинда ўтказилган Осиё ўйинлари юзасидан ЎзАга интервью берди. Интервью давомида тажрибали спортчиларга муносиб ўринбосар топиш бўйича савол берилди.

— Одатда Осиё ўйинлари яна икки йилдан кейин ўтказиладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Индонезияда ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси таркибида Антон Фокин, Вадим Меньков, Оксана Чусовитина сингари фахрий спортчилар ҳам иштирок этишди ва терма жамоа ҳисобига ўз медалларини қўшиб қўйишди. Аммо уларнинг яна икки йилдан кейин Токио олимпиадасига бориш имконияти қай даражада ва уларга муносиб захира тайёрлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Сиз санаб ўтган спортчиларнинг ҳар бири ўзбек спорти тарихида ўчмас из қолдирган ва биз буни юксак қадрлаймиз. Индонезияда биз тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштиришга ҳаракат қилдик ва буни уддалай олдик, деб ўйлайман. Вадим Меньков ҳақиқий профессионалларга хос тарзда ҳаракат қилди ва якунда олтин медални қўлга киритиб, Осиё ўйинларининг тўрт карра ғолиблигига сазовор бўлган биринчи ўзбек спортчисига айланди.

Оксана Чусовитинанинг тажриба ва иродаси олдида бош эгмай иложимиз йўқ. 43 ёшида ҳамон юксак спорт формасини сақлаб туриш, 16−17 ёшли рақиблар билан беллашиб, яна совринли ўринларга эга чиқиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Оксана еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Шунингдек, АҚШда Халқаро гимнастика федерациясининг «Шон-шараф» залидан ўрин олган. Эътиборлиси ҳамюртимиз ҳали фаолиятини якунламай туриб шон-шараф залига киритилган дунёдаги биринчи гимнастикачи сифатида тарихга кирди. Жакартада Оксана ўзининг севимли йўналиши — таяниб сакрашда кумуш медални қўлга киритди. Агар Токио 2020 Олимпия ўйинларига қадар ана шундай юксак спорт формасини ушлаб тура олишса, биз бу спортчиларимизнинг Олимпиадада иштирок этишлари учун барча керакли шароитларни яратиб беришга тайёрмиз.

Шу билан биргаликда ушбу спортчиларимизни келажакда устозлик ролида кўриш истагимиз бор. Мақсадимиз уларни мураббийлик ишига жалб қилиб, улкан тажрибасидан фойдаланиш, ёш авлод тарбиясини уларга ишониб топшириш ва ўзларига ўхшаган ҳақиқий профессионал юлдузларни етиштириб беришларини таъминлашдан иборат. Захира масаласига келсак, сизни ишонтириб айтаманки Токио Олимпиадасида бир неча янги номларни кўрасиз. Бу борада ҳозир катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. 6 октябрь куни Буэнос-Айресда старт оладиган III ўсмирлар Олимпия ўйинлари ҳам кўп нарсага ойдинлик киритиб бериши керак.