Республика бўйлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида 130 дан ортиқ Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Марказлари (шелтер) ташкил этилди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмат хабар қилди.

Мазкур марказлар Ўзбекистон президентининг «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш каби ишларга йўналтирилган.


Қарорга мувофиқ, Хотин-қизлар қўмитаси тизимида зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш учун мўлжалланган республика доирасида ягона қисқа рақамли «1146» «ишонч телефони» ишга туширилди. Бунда мурожаатчи истагига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланиши кафолатланади.

5 сентябрь куни ташкил қилинган «Ишонч телефонлари"га 74 та қўнғироқ амалга оширилган ҳамда барча мурожаатчиларга тегишли ёрдамлар кўрсатилди.

Хотин-қизлар қўмитаси келгусида мазкур марказлар қошида Коворкинг марказларни ташкил этишни ҳам кўзда тутмоқда. Унда оғир вазиятга тушиб қолган аёлларни касбга ўқитиш хамда уларнинг бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Ҳудудий марказларга методик ёрдам кўрсатиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Республика маркази ҳам ташкил этилиб, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.