Ўзбек миллий рақс санъатини дунёга тарғиб қилиш, мамлакатда туризмни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу фестивалда 17 хорижий давлатдан, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган бадиий рақс жамоалари, санъаткорлар, олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Халқаро фестиваль доирасида шунингдек «Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Урганч туманидаги Ўзбек — Туркман дўстлик уйида ташкил этилган ушбу конференцияда рақс санъати, унинг тарихи ва амалиётига оид илмий изланишлар олиб бораётган қатор хорижлик ва юртимиз олимлари, тадқиқотчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Конференция ишидаги мутахассис, олим ва тадқиқотчиларнинг илмий ишлари, лойиҳалари алоҳида тўплам ҳолида нашр этилиши кўзда тутилган. Фестиваль доирасида хорижлик меҳмонлар учун «Хон қабули» деб номланган театрлаштирилган саҳна кўриниши ташкил этилди. Бундан ташқари, миллий ҳунармандчилик буюмлари савдо-кўргазмаси, «Рақс сеҳри» фотокўргазмаси, тасвирий ва амалий санъат асарлари бадиий кўргазмалари намойиши, «Миллий ва замонавий либослар» кўргазмаси, «Миллий қўғирчоқ ўйинлари» томошалари, номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва тиклашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар, халқ ўйинлари ҳам иштирокчилар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Рақс байрамининг ёпилиш маросимида фестиваль доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари тақдирланди.

«Энг кўп мухлис олқишига сазовор бўлган рақс ижрочиси» номинациясида италиялик санъат устаси Амброджио Спараня бошчилигидаги санъаткорлар гуруҳи ғолиб, деб эътироф этилди. «Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатини хорижда тарғиб қилиш» номинацияси ғолиблиги япониялик Машу Комазаки ҳамда АҚШлик Лоурел Виктория Грей хонимга топширилди. «Энг яхши хорижлик рақс ижрочиси» деб индонезиялик Асри Дви Хапсари топилган бўлса, «Ўзбек миллий рақси борасидаги илмий тадқиқотлари учун» йўналишида ғолибликка ҳиндистонлик профессор Шекхар Чандер сазовор бўлди. Шунингдек, «Энг ёш рақс ижрочиси», «Энг кўркам миллий рақс либоси», «Энг яхши яккахон аёл раққоса», «Энг жозибали рақс ижрочиси» каби номинациялар бўйича юртимизнинг турли ҳудудларидан келган рақс жамоалари, яккахон раққос ва раққосалар тақдирланди.

Тадбир якунига бағишланган гала-концертда Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ва хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Фестивалнинг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов ғолиб ва совриндорларни тақдирлашди.