18 сентябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони — губернатор ўринбосари генерал-майор Жейсон Бойлс бошчилигидаги АҚШ делегацияси билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Учрашувда томонлар мудофаа соҳасида Ўзбекистон-Америка ҳамкорлиги ривожлантириш ҳамда ҳарбий-техник ва ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўналишларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди. Марказий Осий минтақасида хавфсизлик муаммолари тўғрисида фикр алмашиш бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академиясига ташриф буюриб, курсантлар ҳаёти, олий ҳарбий таълим муассасаси вазифалари ва бошқалар билан танишди.