АҚШ Ўзбекистонда илк бор халқаро миқёсли ишбилармонлик тадбири — саккизинчи анъанавий Марказий Осиё савдо форумини ўтказади, дея хабар қилди Қўшма Штатлар элчихонаси матбуот хизмати.

АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги билан ташкиллаштираётган тадбир 17−18 октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Форумнинг «Савдо ва инвестицияни ривожлантиришдаги янги уфқлар» шиори минтақавий ва ҳудудий савдони ривожлантириш учун Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган очиқлигини акс эттиради, дейилади хабарда. Ўтган йили Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳрида ўтказилган форум 18 мамлакатдан 1100 дан ортиқ иштирокчини бирлаштирди.

Форум билан бир вақтда савдо кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, унда минтақадаги барча давлатлардан транспорт, туризм, ахборот технологиялари, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта тайёрлаш ускуналари тақдим этилади.