Фарғона политехника институти бугунги кунда ўндан ортиқ давлатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди, дейилади ЎзА сайтидаги ахборотда.

Мамлакатимизда олий таълим муассасалари педагог кадрларининг касб маҳоратини янада ошириш, таълим дастурларини такомиллаштириш, бу борада халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилоятидаги олий ўқув юртлари ҳам Россия, Германия, АҚШ каби давлатларнинг олий ўқув даргоҳлари билан халқаро таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Фарғона политехника институтида Владимир Шухов номидаги Белгород давлат технология университети билан ҳамкорликда технологик жиҳозлар ва комплекслар қўшма факультети очилди. Факультетни ташкил этишдан мақсад ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли интеграцион алоқаларни такомиллаштириш асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдир.

Шунингдек, политехника институти Қирғизистоннинг Муса Адишев номидаги Ўш технология университети, Беларусь давлат технология университети ва академик Муҳаммад Осимий номидаги Тожикистон техника университети билан талабаларни ўқитиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиётини жорий этиш бўйича шартнома тузган.

2018−2019 ўқув йилида ўқув жараёнига 32 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар, олимлар ва мутахассисларни ташриф жадвали шакллантирилди. В.Г.Шухов номидаги Белгород давлат технология университети, Уфа давлат нефть-техника университети, Воронеж давлат техника университети, Новосибирск давлат университети ҳамда Санкт-Петербург физика-техника институтидан профессорлар келиб, талаба ва магистрларга, илмий тадқиқотчиларга физика, математика, кимё ҳамда техника фанларининг замонавий ютуқлари ҳақида маъруза қилди.