Самарқанд давлат университетида «Катта адрон коллайдерида физика» ХХ анъанавий анжумани бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Зарафшон» газетаси сайти.

Унда АҚШ, Франция, Италия, Германия, Швейцария, Ҳиндистон, Россия, Украина ва беларуслик олимлар, Ўзбекистон илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг ядро ва элементар заррачалар физикаси соҳасидаги мутахассислари иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, СамДУ ректори Р.Холмуродов ва бошқалар Катта адрон коллайдери лойиҳалари асосида муҳим илмий натижаларга эришилаётгани, турли мамлакатлардаги мутахассислар ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланаётганига тўхталди.

— Мазкур анжуман элементар заррачалар физикаси ва ядро технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар ва ютуқлар билан танишиш мақсадида ташкил этилди, — дейди Беларусь давлат университети ядровий масалалар институти профессори В.Еваровская. — Унда иштирокчилар соҳада олиб борилган сўнгги тадқиқотларни муҳокама қилиш баробарида турли мамлакатларнинг етакчи олим ва мутахассисларининг ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ўзбек олимларини йирик халқаро лойиҳаларга кенг жалб қилиш ҳам кўзланмоқда.

Тадбирда Катта адрон коллайдерида амалга оширилаётган тадқиқотларда ўзбек олимлари ҳам фаол иштирок этиб, замонавий ядро ва элементар заррачалар физикаси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётгани эътироф этилди. Самарқанд давлат университети талабаларига ядро физикаси соҳасидаги халқаро дастурларда қатнашиш имкониятлари тақдим қилинди.