Ўзбекистон Умумреспублика процессинг маркази (UzCard) вақтинчалик носозлик рўй берганини маълум қилди.

«18:52 дан бошлаб POS, E-POS терминаллари ва АТМ ускуналарининг процессинг маркази билан уланишида вақтинчалик узилишлар кузатилмоқда», — дея хабар қилди компания матбуот хизмати.

Мобил тўлов хизматлари фойдаланувчилари пластик карточкалар ишида узилишлар бўлаётгани ҳақида хабар қилишни бошлади. Payme компанияси Facebook саҳифасида техник тўхталишлар тўғрисида маълум қилди.

«Айни вақтда Ўзбекистон Умумреспублика процессинг маркази фаолиятида техник тўхталишлар кузатилаётгани муносабати билан фойдаланувчилар кабинетида маблағлар нотўғри кўрсатилиши, шунингдек илова орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин», — дейилади хабарда.