Ўзбекистон Республикаси билан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (КАИТЖ) ўртасида имзоланган 30,0 млн АҚШ доллари миқдорида қарз битими доирасида 138 км автомобиль йўли ва 198 км сув таъминоти тармоғи қурилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Қурилиш ишлари президентнинг 2018 йил 10 сенятбрдаги «Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида «Намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши юзасидан қишлоқ массивларида муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Қурилиши мўлжалланаётган объектлар Қорақалпоғистон Республикасида, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида жойлаштирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятларнинг ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш доирасида ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникациялари қурилиши учун пудрат ташкилотларини аниқлаш тартибини белгилайди.

Иқтисодиёт вазирлиги томонидан лойиҳани умумий мувофиқлаштириш амалга оширилади. «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК" МЧЖ ижро этувчи масъул орган этиб белгиланди.