Жиззах вилояти «Фориш» полигонининг тоғли ҳудудларда Ўзбекистон ҳамда Франция қуролли кучлари мутахассислари билан ҳамкорликда ҳарбий амалий тренинг машқлари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Режага кўра, тажриба алмашув билан боғлиқ амалий машғулотларнинг деярли барчаси «Фориш» полигони тоғли ҳудудларида ўтказилади. Бунда асосий эътибор ҳарбийларнинг мерганлик маҳоратини оширишга қаратилган.

Франциядан келган мутахассислар «Мерган кундалиги» ўқув қўлланмасига асосан ҳарбий хизматчилар билан 3 босқичли тайёрлов машқларини олиб боришмоқда. Унга кўра дастлаб ҳарбийларнинг мерганлик даражаси аниқлаб олинади. Шундан сўнг улар гуруҳларга бўлиниб, ўз даражасига кўра уларга алоҳида машғулотлар ўтилади.

Франциялик ва ўзбекистонлик иштирокчилар бундай тажриба алмашиш ҳар икки томонга ҳам жуда фойдали бўлиб, келгусида ҳам шу турдаги биргаликдаги машғулотларни давом эттириш яхши натижа беришига ишонч билдиряпти.