2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция дастурига мувофиқ, 60 та боғча янгидан қурилмоқда, 295 таси реконструкция қилиняпти, 176 таси мукаммал таъмирланмоқда. Мазкур мақсадлар учун бюджетдан 771 миллиард сўм ажратилган. Бу ҳақда «Маърифат» газетасида эълон қилинган мақолада маълумот берилди.

Тизимдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида зарур қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 29 декабрдаги «2017−2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва 2018 йил февралдаги «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тасдиқланди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги «Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича рухсатнома бериш тартиби тўғрисида низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарор ва президентнинг 2018 йил 2 июлдаги «Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Президентнинг 2018 йилнинг 8 августдаги қарорига биноан, чекка туманларда МТМга ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январга қадар икки бараварга пасайтирилди.

Тарбиячиларнинг олий маълумот олиши учун қулай имконият яратиш, тизимда тадбиркорлик қилишни истаганлар учун имтиёзлар бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилнинг август ойи ҳолатига МТМга болалар қамрови 2016 йилдаги 27,1 фоиздан 33,8 фоизга, нодавлат МТМлар сони 262 тадан 541 тага, давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этиш бўйича тадбиркорлар билан тузилган битимлар 744 тага етди.