Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунда кўзда тутилган ҳуқуқ ва ваколатлардан фойдаланган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 2017 йилда қарийб 1 500 та коррупция билан боғлиқ ва иқтисодий соҳалардаги жиноятлар содир этилгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатларини таъминлашда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўндан ортиқ семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилди.

Буни аниқ мисоллар билан кўрадиган бўлсак, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида 11 сентябрь куни туман ИИБ ходими ўз раҳбарига ахборот бериб, унда шу куни Калтаработ маҳалласида яшовчи, туман йўл қурилиш бўлими ишчиси Ш. Х. жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун унга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани ва ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларни йўқ қилишни сўраганлигини, эвазига 50 000 сўмни пора сифатида таклиф қилаётганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11 сентябрь куни вилоят ИИБ ва туман прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Ш. Х., ходимга хизмат хонасида 50 000 сўм бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 11 сентябрь куни туман ИИБ ходимига «Кишмиштепа» МФЙда яшовчи Ж.Т. ўзига нисбатан бўлган маъмурий материални ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 450 000 сўм пулни пора сифатида таклиф қилиб, 12 сентябрь куни уни бераётган вақтида вилоят ИИБ ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фуқаролар томонидан содир этилган қонунбузарлик шулардангина иборат эмас, ўтган икки ой давомида қарийб йигирмага яқин пора бермоқчи бўлган фуқаролар тезкор тадбирлар давомида қўлга олинди.

Жумладан, 2018 йилнинг 17 август куни Хоразм вилоятининг Хазорасп туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг бошлиғи Қ.Ҳ. исмли фуқаро Хазорасп туман ИИБ ходимидан ўзига нисбатан кўрилаётган жиноят иши бўйича енгиллик яратиб беришлигини сўраб, эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида таклиф этиб, уни бераётган вақтида вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Жорий йилнинг 31 август куни эса Қашқадарё вилояти Муборак туман ИИБ ходимига фуқаролар У.Б. ва З.С.лар мурожаат қилиб, шу йилнинг 22 августидан буён жарима майдонида турган мотоциклларини чиқариш ва жарима миқдорларини камайтириб беришни сўраб, эвазига ҳар бир мотоцикл учун 200 минг сўмдан, жами 400 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, шу йилнинг 3 сентябрь куни Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи Б.Ш. исмли фуқаро Зарафшон шаҳар ИИБ ходимининг иш юритувида бўлган, таниши «Анвар» исмли фуқаро ишини қонуний чора кўрмасдан ҳал этиб беришини сўраб, эвазига унга 500 минг сўм пулни пора сифатида таклиф қилиб, 300 минг сўм пулни пора сифатида бераётганида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Яна бир ҳолатда эса Бухоро шахрида Ж.Д. исмли фуқаро танишининг ишини тергов бўлимига ўтказмаслик учун ходимга 200 АҚШ долларини пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Юз берган ҳолатларнинг барчасида ички ишлар органлари ходимлари ўзларига билдирилган ишончни суистеъмол қилмай, ўз вақтида раҳбарларига ахборот бериб, пора таклиф қилаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраганлар. Берилган ахборотга асосан ташкил этилган тезкор тадбирларда қўлга олинган барча қонунбузар фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.