12 сентябрь куни Кванджу шаҳрида (Жанубий Корея) Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу агентликнинг хориждаги биринчи ваколатхонаси ҳисобланади.

Маросимда Кванджу шаҳар ҳокими Ли Ёнг Суп, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда Корея Республикасидаги ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди, дея хабар қилди Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

Шерзод Кудбиев тадбир қатнашчиларига ушбу ваколатхона зиммасида улкан вазифалар турганлиги, бу вазифалар, биринчи навбатда, Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни доимо қўллаб-қувватлашдан иборатлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Кванжу мэри мазкур ҳудудда меҳнат қилувчи ўзбекистонликлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.