Ўзбекистон олий таълим муассасалари 2018 йилда 1,8 трлн сўмга яқин тўлов-контракт маблағларига эга бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz"га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, рақамлар 2017 йилдаги 1,21 трлн сўмга қараганда 48 фоизга ортиши мумкин. Ўтган йили базавий контрактлардан тушум 747 млрд сўмни (жорий йилда 940 млрд сўм бўлиши кутилмоқда), ОТМларга 469 млрд сўмлик (650 млрд) оширилган контракт тўланган.

Контрактларнинг икки карра оширилишидан ОТМлар яна 210 млрд сўмга эга бўлиши мумкин.

«Мазкур маблағлар ОТМларҳисоб рақамларига тушиб, келгусида ўзларининг янада ривожланишлари учун сарфланади», — деди бош вазир ўринбосари.

Азиз Абдуҳакимов ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентлар суперконтрактнинг икки баробарини тўлаб ОТМларга қабул қилинишлари мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда назорат қилинмайдиган хавфлар йўқ.

Бош вазир ўринбосари суперконтрактлар нархи жуда қиммат эканини тан олди. «Суперконтрактлар нархини оптималлаштириш керак. Чуқур тадқиқотлар ўтказилиши керак: суперконтрактлар нархи қанча бўлганида ОТМлар таълим сифатини сақлаган ҳолда кўпроқ ресурсларни жалб қилиши мумкин», — деди Азиз Абдуҳакимов.