Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходими Шуҳрат Фатҳуллаев дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, 2017 йил июнь-июль ойларида Чилонзор тумани 6-мавзе 6-уй атрофидаги 2 туп чинор, 2 туп терак ва 2-мавзе 70 «А"-уй олдидаги 1 туп шумтол дарахтини тегишли рухсатномасиз, ишдан таш­қари пайтда кесиб юборган.

Оқибатда бу ҳаракати билан давлат манфаатларига кўп миқдорда, яъни 124 238 362 сўмлик зарар етказганликда айбланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг судьяси Сарвар Арипов «Газета.uz"га хабар берди.

Аммо жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг мажлиси ва суд тергови жараёнида Ш. Фатҳуллаевга юқо­ридаги айблов ноқонуний равишда эъ­лон қилингани аён бўлди. Масалан, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бош­қармаси мутахассиси Б. Ҳотамов 131 423 562 сўм зарар ҳисоблаган. Лекин у ушбу суммани ҳисоблаш тартибини тушунтириб бера олмади.

Суднинг 2017 йил 11 декабрдаги ажримига биноан дарахтларни кесиш ҳолатларига баҳо бериш ва етказилган ҳақиқий зарар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юборилди. Ўз навбатида, қўмитанинг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан суд экспертизаси ўтказилди.

— Мазкур экспертиза Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида"ги Низом асосида ўтказилиб, унинг хулосаси 2018 йил 2 февралда инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланган. Натижада Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармаси мутахассиси Б. Ҳотамов Ш. Фатҳуллаев томонидан келтирилган зарарни 131 423 562 сўм миқдорида асоссиз равишда ҳисоблагани маълум бўлди, — дейди инспекция бош юрисконсультанти ва эксперт Мадина Мирвақулова суд мажлисидаги кўрсатмасида.

Дарҳақиқат, экспертиза хулосасига мувофиқ Ш. Фатҳуллаевнинг табиатга етказган асосий зарари миқдори 15 546 645 сўмни ташкил этиб, бу ҳо­латда қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 162-моддасида назарда тутилган жавобгарликка са­баб бўлади. Яъни дастлабки тергов ор­гани Ш. Фатҳуллаевга нисбатан Жиноят­ кодексининг 198-моддаси 2-қисми би­лан айб эълон қилиб, нотўғри тўхтамга келган.

Жиноят процессуал кодексининг 23-моддасида «Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак», дея қайд этилган.

Президентнинг 2017 йил 30 ноя­брдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида суд ва тергов органларининг ҳақиқатни ва ишни тўғри ҳал қи­лиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асослантирилган ва адолатли қа­рор қабул қилиш борасидаги масъ­у­лия­тини ошириш, қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни сўзсиз ва оғишмай таъминлаш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши қатъий белгиланган.

Ана шу қонуний асосларга таянган суд Шуҳрат Фатҳуллаевни Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб эътироф этиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Қолаверса, унга реаблитация қилиниши муносабати билан ўзига етка­зил­ган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф этиш учун Жиноят процессуал кодексининг 304−312-моддаларида назарда тутилган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шунингдек, Ш. Фатҳуллаевнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги ва уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 162-моддаси билан маъмурий ҳу­қуқбузарликка тортиш масаласини кў­риб чиқиш учун ушбу жиноят ишидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материаллар Чилонзор туман маъмурий судига юборилди.