«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 2019 йилда шаҳар жамоат транспортида электрон тўлов тизимини жорий этади. Жорий йил охирига қадар тизимни жорий этиш билан шуғулланувчи компания танлаб олиниши керак, дея хабар қилди компания бошқаруви раиси Моҳирхўжа Валиев сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Электрон тизим жорий этилиши билан ҳайдовчиларнинг тушумни топшириш бўйича кунлик режасидан воз кечиш имконияти пайдо бўлади.

«Ҳозиргача Собиқ Иттифоқ тизими бўйича ишлаяпмиз. Бу муаммони жуда қисқа муддатда ҳал қилишимиз керак. Электрон тизимни жорий этганимизда, 70 фоиз масалани ҳал қилган бўлардик, чунки ҳайдовчида режа бўлмайди. Қайд қилинган ойлик белгиланиб, 30−40 фоизга оширилади», — деди Моҳирхўжа Валиев.

Электрон тизимнинг жорий этилиши тарифларни оптималлаштиришга ҳам хизмат қилади. «Ҳозирги тарифлар 2016 йил апрелидан буён ўзгаргани йўқ. Учинчи йилдирки тариф 1200 сўм даражасида қайд этилган, ахир бу ижтимоий масала. Бошқа соҳаларда нархлар ошди. Энг кам иш ҳақи ҳам 50 фоизга кўтарилди. Ҳозирги тариф 1800 сўм атрофида бўлиши керак. Компания даромадлари паст, харажатлари эса ортишда давом этаяпти», — деди у.

Бошқа мамлакатларда тарифни 1259 сўм 19 тийин этиб белгилаш мумкин. Нима учун? Чунки уларда электрон тўлов тизими бор. Бизда ҳозирда валидатор кондукторга бириктирилган. Бу нотўғри", — деди Моҳирхўжа Валиев. Кондукторнинг ҳам нақд пулни қабул қилиб, ҳам йўл кирани ечиб олиш учун валидатордан фойдаланиши бўйича синовдаги ҳозирги тизим шу ойда ниҳоясига етади.